Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар,
қадрли биродарлар!
Бугун муқаддас Ислом оламининг байрами, “Ийд рамазон” ҳайити бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Эзгулик ва хайр, меҳр ва саховат байрами – Рамазон Ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Бу ойда курраи заминга раҳмат ва мағфират нурлари ёғилади, чунки файзли Рамазон оқшомларида масжидларимиз рўзадорхалқимиз билан тўлиб-тошади ҳамда таровеҳ намозларида хатми Қуръонлар ўқилиб, юртимизга тинчлик-омонлик, хонадонлармизга файзу барака сўралади.
Эҳтиёжманд оилаларга, муҳтожлар, ризқи тор мўминларга меҳр-мурувват кўрсатилади,беморлар, нуроний отахон-онахонлар зиёрат қилинади,аразлашганлар яраштирилади.
Ер юзига баракалар ёғилади, чунки Рамазони шарифнинг имтиёзларидан фойдаланиб, ажру савобларини ошириш ниятида саховатпеша халқимиз томонидан закот, фитр, фидя каби молиявий ибодатлар, садақалар, хайру эҳсонлар айнан шу ойда адо этилади.
Туманимизда ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва кўп фарзандли оилалар, ёлғиз кексалар, муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинди, ифторлик дастурхонлари ёзилиб, саховат амаллари кўрсатилди.
Муҳтарам юртбошимиз томонидан ҳам Рамазон ойини ҳар йили кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ ва тайёргарлик, катта хурсандчилик, шоду ҳуррамлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 26-апрел кунги давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Рамазон ҳайити муносабати билан фуқароларимизга5 кун дам олиш куни деб белгиланганлигини маълум қилинди.
Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодатлар олиб келсин!
Ана шундай иймон байрами, Қуръон байрами бўлмиш бу файзли ой барчамизга муборак бўлсин, азизлар!
Туманимиз аҳли мусулмонлари орасидаги меҳр-оқибат, аҳиллик, биродарлик, бағрикенглик туйғулари янада мустаҳкамланаверсин!
Аллоҳ таоло моҳи Рамазоннинг шарофати билан, саҳарлигу ифторларда қилинган холис дуоларимиз баракоти билан эл-юртимизни тинчу хотиржам қилсин, иймон эътиқодимизни мустаҳкам қилсин, ҳаётимизни баракотли, дастурхонимизни тўкин-сочин қилсин, улуғ алломалар, буюк соҳибқирон Амир Темур юрти бўлган, жаннатмакон заминимизнинг келажаги иймон нури билан мунаввар бўлсин!
Фурсатдан фойдаланиб Сизларни, Сизлар орқали бутун туманимиз аҳолисини бугунги муқаддас байрам билан чин юракдан табриклайман.Қалбимизга шодлик, кўзимизга нур, дастурхонларга барака, оиламизга тинчлик неъматларини олиб келувчи Рамазон муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!