Азиз биродарлар!
Барчангизни ва оила аъзоларингизни ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Ийд Қурбон ҳайит байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, кейинги бир йилдан зиёд вақт давомида бутун дунё мамлакатлари қатори жонажон Ўзбекистонимиз ҳам пандемия билан боғлиқ мураккаб синовларни бошидан ўтказмоқда.
Бундай шароитда ҳайит байрамининг моҳиятида мужассам бўлган меҳр-мурувват, эҳтиёжманд тоифаларга ҳар томонлама кўмак ва ёрдам кўрсатиш, ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини биргаликда, ўзаро елкадош бўлиб ҳал этишдек олижаноб қадриятлар айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, саломатликдек азиз неъматни асраб-авайлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий бурчимиздир.
Албатта, диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак.
Ишонамизки, бу борада ҳурматли уламоларимиз, имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз – кенг жамоатчилик яқин ҳамкорликда янада фаол ва самарали иш олиб борадилар.
Бугунги Ийд Қурбон ҳайити байрамида Яратгандан Сизга ва оилангизга соғлик-омонлик, тинчлик-хотиржамлик ва икки дунё саодатидан насиб этишини сўрайман.
Она юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини, байрамни оила аъзоларингиз билан шодлик-хурсандликда хайрли ўтказишингизни тилаб қоламан
Ийд Қурбон ҳайити барчага муборак бўлсин!