1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун ҳар йили энг беғубор ва қувончли байрам сифатида кенг нишонланади.
Болалар бизнинг нурли келажагимиз, эзгу ишларимиз ва ҳаётимиз давомчилари, истиқболимиз эгаларидир!
Улар билан ҳаётимиз обод, кунглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам фарзандларимиз бахтли бўлишлари учун барча бойликларимизу эътиборни беришга тайёрмиз!
Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила ва ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчига айланган.
Ўзбекистонимизда ҳам фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида бугунги болалар кунини дилларда қувонч билан нишонламоқда.
Шунингдек, буюк келажак давомчилари бўлган болалар кунини нишонлашимиздан мақсад, кенг жамоатчилик диққатини уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига эътиборни қаратишдир.
Инсон фарзанди учун яшайди, дилбандларига умрини бахшида этади. Дарҳақиқат, заковатли, билимдон, меҳнатсевар, имон- эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг балки, жамиятнинг энг катта бойлиги саналади.
Шундай экан оилаларимизда меҳр-муҳаббат, мустаҳкам таълим-тарбия, тинчлик- осойишталик ҳукмрон бўлишида фидойи бўлайлик!
Бугун биз тарбиялаётган фарзандлар эртага юрт фаровонлиги, Ватан равнақи ҳамда мамлакатимиз тараққиёти учун садоқат билан хизмат қилишлари шубҳасиз!
Мамлакатимиз Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг фарзандларимиз келажаги, таълим-тарбияси учун яратиб бераётган шарт-шароитлари, айниқса, мактабгача таълим соҳасида кузатилаётган ислоҳотлари юксак эътиборнинг наъмунасидир!
Муҳтарам Президентимиз: «Ўзбекистон –болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ. Илму зиёли оилада тарбия олган фарзандлар маърифатга интилиб яшайди, олий мақсади сари ҳаракат қилади. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди», — деган эдилар.
Ушбу қувончли байрамда йиғилган фарзандларни кўриб кўнглингиз яйрайди, булар бўлғуси аскарларимиз, Ватанимиз посбонлари, бўлғуси шифокорлар, жаҳон чемпионлари ва бўлғуси ҳокимлардир!
Шу фурсатдан фойдаланиб мен оилаларимиз қувончи, миллатимиз давомчилари, буюк келажагимиз ворислари саналган азиз фарзандларимизни чин қалбдан самимий муборакбод этаман!
Истайманки, бизнинг фарзандларимиз жаннатмакон Она диёримизда тинч –осойишта ва бахтиёр яшаб, келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етади!
Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!