Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаевнинг Қурбон ҳайити байрами муносабати билан туман аҳлига табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар, қадрли биродарлар!
Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни чин қалбимдан самимий табриклайман.
Ушбу муқаддас айёмда сизларга, бутун эл-юртимизга, мўминларга, барча Яккабоғ аҳлига сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.
Асрлар давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!
Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, мана шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо эканлиги учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.
Сиз, азизларга яхши маълумки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан халқимиз учун яратилган янги имконият ва шароитлар туфайли ушбу мўътабар ва улуғ айём кунларида 11 мингдан зиёд ватандошларимиз Маккаи мукаррамада муқаддас ҳаж амалларини адо этаётган бўлса, шундан 60 нафари яккабоғлик ҳожи она, ҳожи оталаримиздир. Улар бугунги тинч-осойишта, эркин ҳаёт учун яратганимизга ҳамду санолар айтиб, юртимизга равнақ, халқимизга хайр-барака сўраб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Ҳожиларимизнинг барчасини самимий муборакбод этиб, уларнинг она диёримизга соғ-саломат қайтиб келишларини тилаймиз.
Ишончим комил, бундай улуғ ибодатни адо этиш шарафига муяссар бўлган мўмин-мусулмонларимиз она Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар.
Қадрли тумандошлар!
Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда тўрт кунлик дам олиш эълон қилингани халқимизнинг кайфиятини кўтариб, байрамга алоҳида файз ва шукуҳ бахш этмоқда. Бундай фазилатли кунларда юртдошларимиз қадимий ва табаррук масканларни, буюк аждодларимизнинг мўътабар қадамжоларини зиёрат қилиб, қариндош-уруғлари, яқинлари ҳолидан хабар олиб, руҳий таскин, маънавий озиқ олмоқдалар.
Яна бир бор, барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Дуогўй кексаларимизнинг мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилаклари ижобат бўлсин!
Хонадонларимизда файзу барака ва осойишталик зиёда бўлсин!
Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин!