Яккабоғ тумани ҳокими Лутфидин Жўраевич Абдуллаевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва 14 январь - Ватан ҳимоячилари байрами куни муносабати билан туман аҳлига табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар, ҳарбий офицерлар!
Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Аввало, Сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимизнинг мард, жасур посбонларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз ҳамда туманимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдир.
Зеро, жамият жипслиги, осойишталигига муносиб ҳисса қўшиш, Ватан тинчлигини сақлаш –ҳар бир мард ўғлоннинг Ватани олдидаги муқаддас бурчидир.
Биз сизлар билан — ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Айнан сизларнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматларингиз туфайли осмонимиз мусаффо, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлмоқда.
Миллий армиямизнинг куч-қудрати - азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир.
Ишончим комилки, ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч раҳна сололмайди, демократик ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтара олмайди.
Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керак, ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда.
Айниқса, дунёда ва ён-атрофимизда юз бераётган можаро ва тўқнашувлар, радикализмнинг кучайиши, Афғонистондаги урушнинг ҳамон давом этаётгани, Қозоғистон можаролари, терроризм ва диний экстремизмнинг фаоллашаётгани, тажовузкор наркотрафикнинг кенг тус олаётгани, чегараларимизга бевосита яқин ҳудудларда хавф-хатар кучайиб бораётгани — буларнинг барчаси бизда чуқур ташвиш ва хавотир уйғотмасдан қолмайди, албатта.
Айниқса, ахборот маконида турли хавф-хатар ва таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда барчамиз доимий огоҳ ва сезгир, фаол фуқаролик позициясига эга бўлишимиз керак.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг турли гўшаларидан Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларнинг ота-оналарига, яқинларига улкан миннатдорчилик билдираман.
Бугун нафақат қуролли кучларимиз сафида хизмат қилаётган аскарларимиз, балки туманимиз ривожи, равнақи йўлида кечани -кеча, кундузни- кундуз демай биз билан елкама-елка туриб, фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча соҳа вакиллари ҳам ўз ўрнида Ватан ҳимоячиси ҳисобланади.
Шу фурсатдан фойдаланиб, оила қўрғонининг мустаҳкам устуни ҳисобланган барча эркакларни, туманимизга тоғдек таянч бўлиб турган мард ўғлонларимизни яна бир бор муборакбод этаман!
Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам Ватанимизнинг мудофаа қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этаман!
Ҳурматли мард ва жасур Ватан ҳимоячилари! Юрт посбонлари!
Сиз билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли ана шундай эзгу мақсад ва марраларга эришишга, халқимизнинг тинч меҳнати, осойишта ҳаётини, юртимизнинг мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодирмиз.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.[hide][/hide]
Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, сарҳадларимиз мустаҳкам, халқимиз фаровон бўлсин!