Ассалому алайкум ҳурматли меҳридарё устозлар, қалби билимга чанқоқ ўқувчилар!
Сизларни авваламбор Давлатимизнинг энг азиз ва улуғ байрами “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик” байрами ҳамда билимлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман!
Ҳурматли устозлар жонажон ватанимизнинг мустақиллигини пойдеворини мустаҳкамлаш, етук кадрлар тайёрлаш бўйича олиб бораётган заҳматли ва ўз навбатида шарафли ишларингизга, азиз ўқувчиларимизга эса давлатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор қилишга қодир, кучли билим ва савияга эга булган касб эгалари бўлиш мақсадидаги ўқишларига муваффақиятлар тилайман.
Мана бугун қарийб уч ой мобайнида узоқ кутилган вақт келди. Кўриб турибман, юзларингизда севинч, қалбларингиз қайноқ холда азиз мактабингиз остонасига кириб келдингиз. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун Сизларнинг сафингизда илк бор мактаб остонасига қадам қўяётган азиз фарзандларимизнинг кўзларидаги ҳаяжонли нигоҳлар буни яққол кўрсатиб турибди.
Маълумки, бугунги кунда мустақил Ўзбекистонимизнинг таянчи ва суянчи бўлган ёшларимизнинг соғлом ва баркамол, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиб вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча шароитлар яратиб берилган.
Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор.
Қаранг, бу фикрлар милоддан аввал айтилган. Демак, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаган даврдан буён таълим ва тарбия масаласи, доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.
Илм ўрганишга фақат мактаб билан эришиб бўлмайди. Мактаб инсонга калит беради. У калит билан илм хазиналарини инсоннинг ўзи очади. Нима қилса ўзининг ғайрати билан амалга оширади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сиз азиз ўқувчилардан ватан тақдирига даҳлдорлик ҳиссини туйган ҳолда кучли билим олишингиз, ҳаётда ўз ўрнингизни топишингиз учун бугунги яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, тиришқоқлик билан ўқишингиз талаб этилади.
Зеро, билим муваффаққият. Билимсизлик эса мағлубиятдир деб бежизга айтилмаган.
Халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган. “Устоз ота каби улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган.
Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!
Ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини етук шахс, чин инсон бўлиб улғайишида ўз меҳнатингиз ва юксак инсоний фазилатларингиз билан ҳамиша ўрнак бўлиб, устоз-мураббий деган шарафли номни оқлаб юриш ҳар бирингизга насиб этсин!
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида “Тегишли маълумотли, касб тайёргарлиги бор, юксак аҳлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга” деб айтиб ўтилган. Мен ишонаманки, ҳурматли устозларимиз юқорида қайд этилган барча фазилатларга эга. Уларга ўзининг меҳнати мевасини 25-30 йилда берадиган фидокорона, ўз навбатида мураккаб ва шарафли вазифаларини аъло даражада адо этишлари учун омад тилайман.
Яна бир бор барчангизни бугунги янги ўқув йилини бошланиши, билимлар куни муносабати билан самимий муборакбод этаман!
Эътиборингиз учун раҳмат.