Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Яккабоғ туман ҳокими Л.Абдуллаевнинг туман халқига байрам табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли дўстлар, азиз тумандошлар!
Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб халқимиз ҳаётидаги муҳим ва шонли сана - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги катта тантаналар билан нишонланмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни, бутун Яккабоғ аҳлини, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшаётган каттаю-кичик ҳамюртларимизни миллий давлатчилигимиз асоси, ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг мустаҳкам кафолати бўлган Бош Қомусимиз қабул қилинган кун билан чин қалбимдан, самимий табриклайман!
Ҳар бир халқнинг конституцияси унинг ўзига хос маданияти, шарт-шароити ва қадриятларини акс эттиради. Қолаверса, конституция ҳар бир фуқаронинг умумжаҳон ҳуқуқларини белгиловчи ва ҳимоя қилувчи асосий ҳужжат саналади.
Барчамизга маълумки, Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Поёнига етиб бораётган йил ҳар қанча синов ва машаққатлар билан кечаётган бўлмасин, бугун биз серқуёш диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарор эканини катта мамнуният ва шукроналик билан тилга олишимиз табиийдир.
Туманимизда ҳам ўтаётган йил иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида муайян ютуқларга бой бўлди. Айниқса, аграр туман сифатида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча режаларни ошириб бажарганимизни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Юртимизда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларидан руҳланган ҳолда туманимиз ёшлари спорт, маданият ва таълим йўналишларида қатор ютуқларини қўлга киритишмоқда.
Жумладан, жорий йилда Грециянинг Салоники шаҳрида самбо бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган яккабоғлик қизимиз Гулҳаё Жўраева мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб олтин медални қўлга киритди.
Бундан ташқари таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган устозларимиздан Янгибоева Юлдуз, Муродова Навбаҳор 2020 йилда II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан билан тақдирланишди.
Албатта, ҳуқуқ ва эркинликлари Конституция билан кафолатган, мустақил юрт фарзандлари бундан кейин ҳам жаҳон ареналари узра ғолиблик ва ютуқларни қўлга киритаверади.
Ҳамиша тинчлик ва осойишталикни қадрлаб, эркин ва обод ҳаётни ўзининг бахти ва тақдири, деб билган туманимизнинг меҳнаткаш аҳолиси Ватанимизни янада гуллаб-яшнаши учун ўз олдига қўйилган барча вазифаларни дадил, мардонавор амалга ошира олади. Биз бунга, албатта, ишонамиз.
Азиз дўстлар!
Яна бир бор барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик - осойишталик, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ишларингизда улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!
Бош Қомусимиз — Конституциямиз қабул қилинган кун барчамизга муборак бўлсин!