Ғалла ўрим-йиғим жараёнидан материал қилиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг юқори туманларига қараб йўлга отландик.
Яккабоғ тумани ҳудудидан ўтиб борар эканмиз йўл ёқасидаги майдонларда ғалла ўрилаётганини кўриб тўхтадик. Туманларга сафаримизни эшитган чоғи Яккабоғ туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев ҳам келиб қолди. Ҳоким бобо суҳбат асносида туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни гапириб берди. Охири минг эшитгандан кўра, бир кўрган афзал, дея ўзи бош бўлиб, сабзавот ва полиз экинлари экилган майдонларга бошлаб борди.
Дастлаб туманнинг Эсат МФЙ ҳудудидаги “Мусаев Фозил Жумақулович” фермер хўжалигида бўлдик.
– Фермер хўжалигимиз сабзавотчиликка ихтисослашган бўлиб, 2016 йилда 6 гектар майдонда ташкил этилган, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Фозил Мусаев. – Ростини айтсам, шу пайтгача хўжалигимиз сабзавотчилик йўналишида бўлишига қарамай пахта-ғалла экиб келардик. Жорий йилда туман ҳокимининг кўмаги билан 5 гектар майдонга эрта картошка экдик. 1 гектар жойга сабзи уруғини сепдик. 150 миллион сўм банк кредити олдик. Ушбу маблағ эвазига четдан серҳосил картошка уруғи келтирилди. Умумий ҳисобда 16 тонна уруғлик картошка экилган даламизга гектаридан камида 30 тоннадан ҳосил олишни мўлжал қилиб турибмиз. Картошка йиғиштириб олингач ўрнига мош экилади.
Дарҳақиқат, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш, аҳолининг мева-сабзавотга бўлган эҳтиёжини қондириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Туман раҳбари Лутфиддин Абдуллаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда туманда 54 та мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг жами 798,6 гектар майдонида халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш учун турли хил сабзавотлар, полиз экинлари, картошка ва соя каби экинлар экилиб парвариш қилинаётган экан.
Кейинги манзил Галамулла қишлоғида пиёз экилган майдон бўлди.
– 3 гектар ташландиқ ерга синов тариқасида пиёз экдик дейди, – тумандаги Галамулла қишлоғилик Камолиддин Суюнов. – Очиғи, биз кутгандан ҳам зиёд натижа берди. Дам олиб ётган ерда пиёзлар етилиб кетди. Бизда пиёз экиш тажрибаси сира бўлмаган. Бир пайтлар корейс миллатига мансуб деҳқонлар қишлоғимизга келиб пиёз етиштирарди. Улар ҳам охирги марта 2004 йилларда келган. Шундан буён ҳеч ким пиёз экмаган. Таваккал қилиб ўтган йили кузда пиёз уруғи сепгандик. Шукрки, ҳосилимиз ёмонмас. Дала маданиятига амал қилиб экин майдони атрофига кунгабоқар уруғи қадаганмиз. Бир қарич ерни ҳам бўш қўйганимиз йўқ.
Маълумотларга кўра, асосий майдонларга тўқсонбости ва баҳор мавсумида 800 гектар қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш режалаштирилган бўлиб, 288 гектарга картошка, 236 гектарга полиз, қолган майдонларга сабзи, пиёз ва бошқа сабзавот экинлари етиштирилди.
– Туманда нафақат асосий майдонларга, балки боғ-ток қатор ораларига ҳам 1 минг 312 гектар майдонга картошка, сабзи, пиёз, полиз экинлари ва кўкатлар экиб етиштирилмоқда, – дейди туман раҳбари Лутфиддин Абдуллаев. – Ҳозирги кунда ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги томонидан етказиб бериладиган экспортбоп броколли карами кўчати, кунгабоқар, мош, сабзи уруғларига шартномалар тузилмоқда ҳамда экиш ишлари бошлаб юборилган. Агентлик тарафидан тузилаётган шартномада бир қанча афзаллик ва қулайликлар мавжуд бўлиб, жумладан, етиштирувчига ўзи хоҳлаган экин тури кўчат ёки уруғи, культивация учун ёқилғи, минерал ўғитлар ва дорилаш воситалари етказиб берилади. Ҳосил пишиб етилганда уни тўлиқ ҳажмда харид қилишни ҳам ўз зиммасига олади. Мақсад, бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА