Sayt vaqtincha test rejimida ishlamoqda. Сайт временно работает в тестовом режиме. The site is temporarily in test mode.
ЯККАБОҒ ТУМАНИ ҲОКИМИ АБДУЛЛАЕВ ЛУТФИДДИН ЖЎРАЕВИЧНИНГ ТУМАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ » Yakkabog' tumani hokimligi rasmiy web sayti

Ishonch telefoni:

+998985550424

ЯККАБОҒ ТУМАНИ ҲОКИМИ АБДУЛЛАЕВ ЛУТФИДДИН ЖЎРАЕВИЧНИНГ ТУМАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Tuman / Jamiyat / Siyosat / Пост 11-дек, 23:059 927

Ассалому алайкум, ҳурматли деҳқон ва фермерлар! Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилаётган  қадрли  тумандошлар!

Аввало, барчангизни, бутун туманимиз аҳлини қутлуғ айём — Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, шу билан бирга энг масъулиятли ҳамда меҳнати оғир бўлган касблардан бири ҳисобланади.

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, "Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир" десак, айни ҳақиқатдир.

Сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари, минтақамиздаги экологик муаммолар ҳамда бу йилги пандемия оқибатида қишлоқ хўжалигида ҳар йили илгари кўрилмаган янги-янги синов ва қийинчиликлар пайдо бўлди.

Бироқ, кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган туманимизнинг деҳқон ва фермерлари ана шундай мураккаб шароитда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлишмоқда.

Ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган сиздек фидойи инсонларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

                          Азиз дўстлар!

Мазкур байрам муносабати билан сизларни қутлар эканман, бу йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Жорий йил туманимизда  28,5 минг тонна ғалла,  15,6  минг тонна пахта,  271 тонна пилла,  28 минг тонна мева-сабзавот,   22  минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда  52,2 млн. дона тухум етиштирилди.  

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг  8 минг тоннаси қайта ишланиб,  2,8 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди.

Хусусан, бу йил туманимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 триллион 500 миллиард сўмдан ошиши кутилмоқда.

Жорий йилда жами 970 гектар  пахта майдонларида сув тежовчи технологиялари жорий қилинди.

Туманимизда сут ва гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган 10 дан зиёд чорвачилик комплекслари фаолият юритмоқда. 
       
Инвестиция лойиҳалари бўйича  Яккабоғ туманида 2020-2022 йилларда  72 та қиймати 470 млрд 928 млн сўмлик лойиҳалар тасиқланиб, 944 нафар иш ўринлари яратиш режалаштирилган эди.

Амалда эса 71 та лойиҳалар, қиймати 467 млрд 736 млн сўмлик, шундан 366 млрд 477 млн сўмлик ўз маблағи, 99 млрд 630 млн сўмлик банк кредити, 2 155 минг АҚШ доллар хорижий кредит линияси ва 940 нафар янги иш ўрни яратилди.
       
Албатта амалга оширилаётган мазкур ишлар туманимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, халқимиз дастурхонини фаровон қилишдек олижаноб мақсадга қаратилгандир.

                     Қадрли дўстлар!

Яккабоғ тумани мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз тажрибаси, салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Туманимизда тажрибали фермерларимиз, устоз мақомига эришган миришкор деҳқонларимизнинг борлиги, уларнинг тажрибалари республика миқёсида танилганлиги бизга фахр ва ифтихор бағишлайди.

Яккабоғ туманидаги "Азимов Ўткир Қўчқорович" фермер хўжалиги раҳбари, тажрибали фермер, МТП раиси Азимов Ўткир Қўчқорович, тумандаги "Жуман Михлиев" жамоа хўжалиги раҳбари, “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган Йўлдошов Дилмурод, "Улуғвор мерос" фермер хўжалиги раҳбари Ҳасанов Баҳром, соҳада катта натижаларга эришган Холёров Бойназар, ”Шарофат она Қаҳрамон қизи” МЧЖ раҳбари Нормуродов Анзур каби катта салоҳиятга, билимга эга бўлган деҳқонларимизнинг меҳнати, тажрибаси ҳамда маслаҳати бугун туманимизнинг қишлоқ хўжалигининг ривожланишида дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Уларга муносиб издошлар, ерни ҳис қиладиган фермер ва томорқачиларимизнинг борлиги эса бизни қувонтиради, албатта.
        
             Ҳурматли  деҳқон ва фермерлар!

Сизларни яна бир бор ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.

Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам туманимиз аҳли фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.

 Яккабоғ тумани ҳокими 
Абдуллаев Лутфиддин Жўраевич


Ўхшаш янгиликлар

Yangiliklarga obuna bo‘ling

Bizning xabarnomamizga obuna bo‘lish uchun quyidagi elektron pochta manzilingizni kiriting

Biz ijtimoiy tarmoqlarda
Kalendar
«    Ноябрь 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 
INTERAKTIV XIZMATLAR