Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 46-моддасида Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланган.
Хусусан, гендер тенглик муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига бўлган эҳтиёж ҳамда бу масалада давлат даражасидаги эътибор натижасида 2019-йил 2-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун қабул қилиниши билан қонунчиликга бир қатор янги тушунчалар киритилиб, мавжуд ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Жумладан, Қонун билан “Гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар”, “Гендер”, “Гендер статистикаси”, “Гендер-ҳуқуқий экспертиза”, “жинс бўйича бевосита камситиш” ҳамда “жинс бўйича билвосита камситиш” тушунчалари очиб берилди.
Бундан ташқари, 2021 йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорда ҳам гендер тенглигига эришиш бўйича муҳим вазифа ва чора-тадбирларни амалга ошириш режалари юзасидан вазифалар белгиланган ҳамда мазкур соҳада мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги юзасидан маълумотлар келтирилган.
Жумладан, Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.
Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.
Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилиб, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатиб, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Мазкур қарор билан, “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”, “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш боʼйича комплекс чора-тадбирлар дастури”, “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари” тасдиқланган.
Шунингдек, Гендер стратегиясини 2023 — 2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун ҳар йилда алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиши кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўровонликга қарши кураш куни муносабати билан мамлакатимиз миқёсида маърифий тадбирлар ўтказилиб, кенг жамоатчиликка гендер тенглигининг мазмуни, мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар ва қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар тўғрисида маълумотлар бериб борилмоқда.
Бугунги кунда, гендер тенглиги соҳасида давлат даражасида кўрсатилаётган эътибор маълум бир вақтда эмас балки, доимий равишда изчил давом эттирилиши натижасида жамиятда хотин-қизларнинг тутган ўрни янада мустаҳкамланиши, оилаларнинг тотувлиги, соғлом ва ақлан камол топган келажак авлодни тарбия қилиш орқали мамлакатимизни ривожига ҳисса қўшиб, халқимиз фаровонлиги ва Ўзбекистонни халқаро рейтинг ва кўрсаткичлардаги ижобий ўрнини янада яхшилашга хизмат қилади.
Яккабоғ туманлараро
иқтисодий суди раиси
С.Турсунов