Қадрли туманимиз аҳли!
Аввало, Сизларни, сизларнинг тимсолингизда туманимиз аҳолисини юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган баҳор, яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўзи олам билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.
Байрам шукуҳи кезиб юрган ушбу нурли лаҳзаларда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, фидокорлик билан олиб бораётган эзгу ишларингизга файзу барокат тилайман.
Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда.
Халқимиз азал-азалдан Наврўзни "Йилбоши" деб бежиз атамаган.
Кириб келаётган йил боши илоҳим юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик, хотиржамлик ва фаровон ҳаёт олиб келсин.
Ҳар бир хонадон бахт ва қувонч қўрғонига айлансин!
Ҳар йили Наврўз айёмини орзиқиб кутамиз. Чунки, энг қадимий, миллий бу байрамимиз тимсолида доим минг йиллар давомида сақланиб келаётган халқимизнинг безавол қадимий урф-одатлари, удумлари мужассамдир. Наврўз келиши билан тирик мавжудод уйғонади, баҳор нафаси жисмимизга куч-қувват бахш этади.
Баҳорги тенгкунликда гина ва аразлар, низо, адоватлар унутилади. Тансиқ таомларга тўла дастурхонлар атрофида Наврўз неъматлари, байрам қувончларини яқинларимиз, ёру биродарларимиз билан баҳам кўрамиз.
Энг муҳими, ушбу улуғ айёмда беморлар, муҳтож инсонларнинг кўнглини, руҳини кўтариш, савобталаб ишларни амалга ошириш — буларнинг барчаси халқимизнинг онгу шуурига сингиб кетган яхшилик ва эзгуликнинг ҳосиласидир.
Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – Наврўз туфайли она-табиат янада чирой очмоқда.
Бу йилги Наврўз тантаналари туманимизда ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой тарзда ташкил этилмоқда. Наврўз байрами арафасида истироҳат боғларида, маҳалла марказларида, аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида минглаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди, қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилди, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилди.
Табиатнинг оламшумул ўзгаришларига ҳамоҳанг шаклда ҳаётимиз ҳам ўзгариб, тобора янгиланиб бормоқда.
Янги қурилган уй-жойлар, равон ва текис кўчалар, таълим ва тиббиёт масканлари, обод қишлоқлар ва ишлаб чиқариш корхоналари туманимиз кўркига кўрк қўшиб, халқимиз турмушига фаровонлик олиб кириб, қалбларга завқ бағишламоқда.
Бугунги кунларда миришкор деҳқону фермерларимиз улкан ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошлаш арафасида туришибди. Биз уларга жорий йилимиз қутлуғ келишини, етиштириладиган ҳосиллари мўл бўлишини тилаб қоламиз.
Туманимиз аҳлига шарқона янги йилимиз бахт ва шодлик, қувонч ва хурсандчилик олиб келишини тилаймиз.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.
Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар.
Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, меҳнатингиздан барака топинг, қадрли дўстлар!
Ҳақиқатан ҳам, Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Ислоҳотлар эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда.
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Мунис опа-сингиллар!
Қадрли ака-укалар!
Халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган навқирон ёшлар!
Азиз дўстлар!
Бугун биз юртимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини, узоқ ва яқин барча давлатларнинг халқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз.
Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман.
Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!
Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин!
Ватанимиз янада обод, осмонимиз мусаффо, халқимиз доим омон бўлсин!
Наврўз байрами барчамизга муборак бўлсин!