Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги бир қатор масъуллар иштирокида Яккабоғ туманида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича семинар ташкил этилди.
Яккабоғ, водий ва самарқандлик боғбонлар иштирок этган семинарда асосий эътибор мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, фермер хўжалиги раҳбарларининг билими ва кўникмасини, ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига қаратилди.
Унда мутахассислар томонидан фермерларга мева-сабзавот етиштиришда илғор усул ва технологияларни қўллаш, қир-адирлардаги боғларни томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш, мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига картошка, сабзавот ва полиз экинлари экиш, иссиқхона ташкил этиш, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Семинарда соҳани ривожлантиришдаги имкониятлар бўйича Яккабоғ туманининг салоҳияти юқорилиги, боғ яратишда жуда ажойиб агрономик, тупроқ имкониятлари мавжудлиги эътироф этилди.
Шунингдек, семинарда интенсив усулдаги боғларни кўпайтириш ҳамда эскилари қайта ташкил этиш, боғбон, деҳқонларимизнинг билим ва малакаларини ошириш, соҳадаги янгиликлардан хабардор этиб бориш янги боғларни тўлиқ кўкартириб олиш, мева касалликларидан самарали ҳимоялаш ҳамда мўл ҳосил етиштириш лозимлиги айтиб ўтилди.