Яккабоғ туман ҳокими Абдуллаев Лутфиддин Жўраевичнинг туман аҳлига Янги йил табриги
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар! Муҳтарам дўстлар!
Мана бир неча соатлар, ҳаяжонли дақиқалар ва сониялардан сўнг жонажон Ўзбекистонимиз халқи ва барча тумандошларимиз билан янги 2022 йилни кутиб оламиз!
Сиз азизларни, мўътабар нуронийлар, меҳрибон опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни янги орзулар, янги режалар, қувончу шодликлар улашиб кириб келаётган Янги йил билан самимий муборакбод этаман!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат ва фаровонлик тилайман. Янги йилда барча хайрли ишларингизда омад ёр бўлсин!
Минг шукрки, турли муаммо ва қийинчиликларга қарамасдан, 2021 йил мамлакатимиз учун тинч, ҳар томонлама омадли ва баракали йил бўлди.
Биз тараққиётимизнинг янги даври, янги босқичига қадам қўйдик.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини саломатлигини мустаҳкамлаш йилида белгиланган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этдик.
Халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига 2021 йилни барча соҳаларда ёруғ юз билан якунлашга эришдик.
Замонавий корхоналар, уй-жойлар, йўллар, кўприклар қурилди.
Таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилди.
Туманимизда, хорижий давлатлар ўртасида Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўлида дўстлик ва ҳамкорлик янада кучаймоқда. Шунингдек, туманимизнинг нуфузини ошириш учун салмоқли ишлар қилинди.
Бунинг натижасини бугун ҳар бир инсон ва оила, ҳар бир жамоа ўз мисолида кўрмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг таъбири билан айтганда, энг муҳими, одамларимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ўтаётган йил мамлакатимиз тарихида ёрқин из қолдирган йил бўлди.
Шу боис эски йилимизни шукроналик ва розилик билан кузатмоқдамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Янги кириб келаётган 2022 йилда Яккабоғ туманимизни янада обод ва кўркам қилиш, инсон қадри ва фаровонлиги учун халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз.
Муҳтарам фахрийлар, опа-сингилларимиз ва ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатиш доимо диққатимиз марказида бўлади.
2021 йил поёнига етар экан, барчангизга миннатдорлик изҳор этаман ва энг яхши тилакларимни йўллайман!
Янги йил остонасида туриб, туманимиз равнақи учун фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган барча соҳа вакилларига, хусусан, Ички ишлар бўлими, прокуратура, миллий гвардия, солиқ департаменти, соғликни сақлаш бўлими, маданият, таълим, матбуот, Қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги бўлими, инвестиция, туман ободонлаштириш, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерларимиз ва барча ҳамкорларимизга шарафли ишларида омадлар, зафарлар тилайман!
Азиз ва қадрдон тумандошларим!
Янги 2022 йилда халқимизнинг барча орзу-ниятлари ушалсин!
Келажагимиз ворислари саналмиш фарзандларимиз, набираларимизнинг бахту камолини кўрайлик!
Қалбингизга қувонч, дастурхонингизга қут-барака, оилангиздан шоду-хуррамлик аримасин!
Гўзал ва бетакрор юртимиз тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
2022 йилнинг қадами қутлуғ келсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин!