Бугун эрта тонгдан сектор раҳбарлари, кластер ва қишлоқ хўжалиги вакиллари "Лангар ота" ҳамда "Хўжа Илғор ота" қадамжоларини зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди ва жорий йилги пахта хирмони баракали бўлиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги доимгиданда серҳосил келиши, шунингдек, юртимизда доим тинчлик ва хотиржамлик бўлиши сўралди.
Шундан сўнг Яккабоғ ҳокими Лутфиддин Абдуллаев маҳалла раислари, ММТП раҳбарлари, Оқсарой кластер вакиллари ҳамда терим отряд раҳбарлари билан учрашиб, жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олиш ва белгиланган тадбирларни тўлиқ амалга ошириш лозимлиги ҳамда туманда йиғим-теримга сўнгги тайёргарлик ишларини самарали ташкил этиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш учун ихтиёрий равишда жалб этилаётган меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли учун муносиб шарт-шароитларини яратишда бўйича зарурий топшириқ ва тавсиялар бериб ўтди.
Шу куннинг ўзида Яккабоғ туман ҳокимлиги ташаббуси билан "Алиакбар" ресторанида жорий йилги пахта йиғим-терими баракотли келиши учун жонлиқ сўйилиб, хатми қуръон ўқитилди.
Нуронийлар, фермерлар, отряд раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда ўзбегимиз миллий таоми палов дастурхонга тортиқ этилиб, хирмонимиз баракали бўлиши учун дуолар қилинди.
Яккабоғда жорий йилги пахта йиғим теримига тайёргарлик жараёни жадал суръатларда давом эттирилди.
7300 гектар майдонда 349 нафар пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан ғўза парвариш қилинди.
Ҳосилни йиғиб олиш ишлари учун 240 та терим отрядлари тузилди. Бу отрядларда 24 минг нафар теримчи меҳнат қилади.