Бугун Яккабоғ туманидаги "Пахта тозалаш" корхонасида "Оқсарой" кластер томонидан жорий йилги пахта йиғим-терими баракотли келиши учун жонлиқ сўйилиб, хатми қуръон ўқитилди.
Нуронийлар, кластер ходимлари, фермерлар, терим отряди раҳбарлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирок этган ушбу тадбирда ўзбегимиз миллий таоми палов дастурхонга тортиқ этилиб, хирмонимиз баракали бўлиши учун дуолар қилинди.
Шундан сўнг Яккабоғ ҳокими Лутфиддин Абдуллаев сўзга чиқиб, жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олиш ва белгиланган тадбирларни тўлиқ амалга ошириш лозимлиги ҳамда туманда йиғим-теримга сўнгги тайёргарлик ишларини самарали ташкил этиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш учун ихтиёрий равишда жалб этилаётган меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли учун муносиб шарт-шароитларини яратиш бўйича зарурий топшириқ ва тавсиялар бериб ўтди.
Маълумот ўрнида: Бу йил Яккабоғ туманида пахта йиғим-терим ишларига 24 минг нафар кўнгилли теримчилар иштирок этади. Туманда жорий йил 349 нафар фермер 7300 гектар майдонга пахта экди. Ҳосилни йиғиб олиш ишлари учун 240 та терим отрядлари тузилди. Бу отрядларда 24 минг нафар теримчи меҳнат қилади.
Яккабоғ туман ҳокимлиги Ахборот хизмати