Пахта терим отрядларини шакллантиришда, меҳнатга лаёқатли ишсизлар, айниқса аёллар ва уюшмаган ёшларни жалб этиш долзарб вазифа
Яккабоғда пахта йиғим теримига тайёргарлик жараёни жадал суръатларда давом эттирилиб, 7300 гектар майдонда пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан ғўза парвариш қилинмоқда, айни дамларда эса йиғим-теримга тайёргарлик жараёнлари авж паллага кирган.
Эндиги муҳим вазифа ўз вақтида, кузнинг ёғин-сочинли кунларига қолдирмай етиштирилган пахта ҳосилини сифатли йиғиб-териб олишдан иборат. Бунинг учун албатта пахта йиғим теримини тизимли равишда, жуда катта ташкилотчилик билан амалга ошириш талаб этилади.
Айни шу мақсадда бугун Яккабоғ ҳокими Лутфиддин Абдуллаев пахта йиғим-терими отрядларини уюшқоқлик билан шакллантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Маҳалла раислари, ММТП раҳбарлари ҳамда Оқсарой кластер вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда, терим отрядларига эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсиз қатлами, айниқса хотин-қизлар, уюшмаган ёшларни жалб қилган ҳолда иш ва даромад манбаи билан таъминлаш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, туманда йиғим-теримга сўнгги тайёргарлик ишларини самарали ташкил этиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш учун ихтиёрий равишда жалб этилаётган меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли учун муносиб шарт-шароитларини яратиш бўйича ҳам зарурий топшириқ ва тавсиялар берилди.
Йиғилишда ғўзани дефолиация қилиш ва терилган пахта хом ашёсини қабул қилиш масканларига ташиш учун зарур бўлган трактор ва тиркамаларни тайёрлаш ишларини ҳам жадал суратларда олиб бориш ва мавсумга шай ҳолатга келтириш лозимлиги айтилди.