Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров ва сенатор Абдураҳим Эркаев Яккабоғ туманига ташриф буюрди.
Дастлаб сенаторлар туман ҳокимлиги биносида сектор раҳбарлари ҳамда депутатлар билан учрашиб, аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик ва шу каби ҳолатларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида суҳбат олиб боришди ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш хусусида ўзларининг тавсияларини бериб ўтишди.
Шундан сўнг меҳмонлар пахта теримидаги мавжуд шароит ва ҳолатларни ўрганишиб, фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларини ҳам кўриб чиқишди.
Теримчилар билан бўлган суҳбатда йиғим-терим ишлари авжида эканлиги, кўнгилли теримчиларга бир қатор қулайликлар яратилгани, терилган пахта учун шу куннинг ўзида пулларни тўлаш тартиби ўрнатилгани маълум бўлди.
Ушбу жараёнда энг илғор теримчиларга ўзларининг эсдалик совғаларини ҳам топширишди.
Кейинги манзил тумандаги "Саховат уйи" бўлди. Сенаторлар ушбу масканда нуронийларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Туман ҳокими ҳамроҳлигида сенаторларнинг кейинги манзили янги ташкил этилган “Давр эко ботлерс” хусусий корхонаси бўлиб, бу ерда қадоқланган минерал сув ишлаб чиқаришдаги замонавий технологиялар билан яқиндан танишдилар.
Маълумот учун: “Давр эко ботлерс” хусусий корхонасининг умумий лойиҳа қиймати 19 миллиард сўмни ташкил этиб, қадоқланган минерал сув ишлаб чиқаради. Бугунги кунда ушбу корхонада 50 та янги иш ўрни яратилди.