Муҳтарам нуронийлар, ҳурматли меҳмонлар, қадрли ёшлар!
Аввало, барчангизни, сиз орқали барча туманимиз аҳлини мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан самимий табриклайман.
Мана юртимиз яна байрам оғушида. Мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг 32 йиллигини муносиб нишонламоқдамиз.
Мана шу буюк санани ота-боболаримиз асрлар давомида орзиқиб кутган, ҳақиқатдан ҳам, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш мустақиллик куни билан Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Яккабоғ аҳлини чин қалбимдан табриелайман!
Ишончим комилки, асрлар, замонлар ўтар, аммо, барчамизга ўзлигимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимиз мустақиллигини, тилимиз, динимиз ва тарихимизни қайтариб берган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолади.
Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.
Айниқса, сўнгги йиллар мобайнида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга танилмоғи учун асосий омил бўлди. Ўзбекистонимиз ҳам ўз ўрнида жаҳонга юз тутмоқда.
Минг шукрона билан айтишимиз мумкинки, бугун аждодларимизнинг эзгу ниятлари, орзулари ижобат бўлди. Айни кунларда ушбу қутлуғ шодиёнани бутун республикамиз аҳли қатори яккабоғликлар ҳам кўтаринки руҳ билан қарши олмоқдалар.
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида байрам олдидан зиёратгоҳ ва қабристонларда, кўча ва хиёбонларда ҳашарлар уюштирилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Ўтган 32 йил ичида юртимизда эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, туманимизда ҳам ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий, таълим, тиббиёт, спорт, мактабгача таълим ва қурилиш соҳаларида мислсиз ўзгаришларининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Жумладан, туманимиз ҳудудларини замонавий қиёфага келтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, муносиб уй-жойлар ва зарур инфратузилма билан таъминлаш асносида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Биргина туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, ўтган бир йил давомида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида эса ўтган йили пилла, ғалла, пахтадан юқори ҳосил олиниб, белгиланган шартнома-режалар вилоятда биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарилди. Жорий йилда қишлоқ хўжалигидаги агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилиши натижасида 26 минг 551 тонна дон йиғиб олиниб, давлатга дон сотиш режаси 113% га бажарилди. Натижада олинаётган даромадлар аҳолининг турмушини, шаҳар ва қишлоқларимизнинг инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилмоқда.
Қадрли дўстлар!
Туманимизда халқ таълими тизимида 2023 йилда Давлат дастурлари асосида жами 11 та шундан (8 та умумтаълим мактаблари, 3 та ДМТТ ларда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Инвестиция дастури доирасида тумандаги 100-сонли мактабда 240 ўринли янги ўқув бино ва 80 ўринли ошхона биноси, “Айғиркўл” МФЙда 330 ўринли янги мактаб қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, 120-150 ўринли 2 та янги мактабгача таълим ташкилоти қурилди.
Шунингдек, тумандаги 20 та маҳаллада ички йўлларини қуриш ва таъмирлаш, 28 та маҳаллада 74 км тоза ичимлик суви ва оқова сув тармоғи тортиш ишлари якунига этказилди.
Азизлар! Президентимиз вилоятимизга қилган ташрифи чоғида “Қанча кўп иш ўрни яратилса, одамлар шунча рози бўлади”, деб айтгандилар. Шунинг учун аҳолини, айниқса, хотин-қизларни, ёшларни бандлигини таъминлаш йўлида тизимли режаларни ишлаб чиқмоқдамиз.
Қадрли дўстлар, яккабоғликлар! Эришган ютуқларимиз албатта, ўзимизники. Лекин ниманинг ҳисобидан бундай муваффақиятлар қўлга киритилмоқда? Албатта, мустақиллик, тинчлик ортидандир. Уни қадрлаш, улуғлаш эса барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шундай экан ана шу икки улуғ неъматни кўз қорчиғмиздек асрайлик!
Байрамлар ортидан байрамлар келаверсин, биз туманимиз аҳли мустақиллигимизни ўз меҳнатимиз билан мустаҳкамлаб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшамиз. Туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларида барчангизни фидоий бўлиб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишга чорлайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!