Яккабоғ туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида, тумандаги 50 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар 365 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этишди.
Унда туман Тиббиёт бирлашмаси 15 та, Яккабоғ ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги 5 та, туман Ободонлаштириш бошқармаси 4 та, Яккабоғ ГФЭ филиали 5 та, “Тоза ҳудуд” ДУК Яккабоғ филиали 10 та, 37-умумий ўрта таълим мактаби 8 та, “Агросуғурта” ДАСК туман бўлими 50 та, “Яккабоғ чеварлари” оилавий корхонаси 30 та, “Файзли бек нур барака” МЧЖ 10 та, “Маданият текстиль” МЧЖ 50 та, “Табиий офатлар билан ишлаш ва хонадонларга ёрдам кўрсатиш ташкилоти” МЧЖ 25 та ва “Арсенал нур барака” МЧЖ 15 та турли йўналишлар бўйича бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар)га ишга таклиф этишди.
Ярмаркада ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлашдан ташқари, ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни турли касбларга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказларига ўқишга юбориш ва тумандаги ободонлаштириш корхонаси ва маҳаллаларда ташкил этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш кўзда тутилди.
Ўтказилган ярмарка доирасида 161 нафар ёшга субсидия ажратилди, 15 нафар фуқаролар жамоат ишларига, 11 нафари эса доимий ишга қабул қилинди. Шунингдек, 20 нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқишга йўналтирилиб, 4 нафар фуқароларга ишсизлик нафақалари тайинланди.
Ярмарка давомида малакали мутахассислар томонидан бандлик соҳасида фуқароларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳам маслаҳатлар берилиб, ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари ярмаркада тумандаги турли ишлаб чиқариш субъектлари томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.