Юртимизда куз нафаси эсмоқда.
Ушбу мавсумда табиат бир оз сокин тортиб, маҳзун қиёфага киради. Айни шу дамларда сувларнинг оқишида, қушларнинг сайрашида ўзгача маъно мужассам.
Дарахт шохларидан чирт-чирт узилиб она замин бағрига сингиб кетаётган хазонлар кечагина ям-яшил барг бўлиб, шохларда кўкка талпинаётган эди. Бугун эса унинг умри тугаб, яна тупроққа айланмоқда.
Мана шундай кезларда куз нафаси акс этган боғу-роғларда, хиёбонларни кезиб, хаёл суришнинг ўзгача гашти бор. Ажабланарлиси, бундай дамларда инсон ўзи билан ўзи суҳбатлашади, хотираларини бирма-бир сарҳисоб қилади.
Куз янги режалар, янги умидлар даври.
Кўчада сайр қилар экансиз, беихтиёр болалик даврингизга тушиб қоласиз.
Танҳо қолгингиз ва хотиралар оғушига чўмгингиз келади.
Куз хотиржамлик фасли.
Фақат кузда тўкилган япроқларнинг шитирлашидан қалбингиз тўлқинланади.
Руҳиятингиз ва қалбингиз атрофдаги гўзалликдан баҳраманд бўлиш фасли.
Юрагингизга қулоқ солишни ўргатувчи фасл бу – куз.