Таълим тизими ҳар доим ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим соҳа саналади. Келажак авлод тақдирига қайғурган педагог борки, касбига масъулият юки ила ёндашади. Соҳа жонкуярларининг меҳнати, заҳматлари ўқувчи-ёшларнинг тақдирида, эришган ютуқларида яққол сезилади.
Янги ўқув йилини ўзгача шукуҳ ва шижоат ила бошлаш, таълим-тарбия беришнинг янгича метод ва услубларидан фойдаланишни мақсад қилган ўқитувчи-педагоглар учун Яккабоғ туманидаги муҳташам "Оқсарой" ресторанида “Устозлар миллий форуми” бўлиб ўтди.
Форум ўзгача шукуҳда бошланди. Санъат мактабларининг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган байрамона чиқишлар томошабинлар кайфиятини кўтарган бўлса, ютуқларга эришган спортчи-ёшларнинг намойишлари кўнгилга фахр ва ғурур туйғусини уйғота олди. Қолаверса, санъаткор ёшларнинг хонишлари, рассом ва ижодкорларнинг кўргазмалари эътибордан четда қолгани йўқ.
Туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев сўзга чиқиб, мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами ҳамда “Билимлар куни” билан йўллаган табриги соҳа эгаларини янада шижоат билан ишлашга илҳом бағишлаган бўлса, ажаб эмас.
Шундан сўнг, алоҳида ўрнак кўрсатган, туманда таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, фаол, ташаббускор ва муносиб натижаларга эришаётган кўплаб таълим фидойилари ва хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактаблар туман ҳокимининг пул, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Албатта, тақдирлаш маросимида соҳада узоқ йиллардан буён меҳнати сингган фахрий устозларнинг эътибор ва эътирофдан миннатдорчилик туйғулари сингдирилган изҳорлари жаранглади.
Бугунги кунда туман халқ таълими бўлимига қарашли 103 та таълим муассасалари бўлиб, 98 та умумий ўрта таълим мактаблари, 2 та Давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатлари, 2 та ихтисослаштирилган мактаблари ва 1 та Баркамол авлод маркази фаолият юритиб келмоқда. Уларда 48158 нафар ўқувчиларга 4997 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқдалар.