Барча устоз ва мураббийларни, заҳматкаш ва меҳрибон устозларимизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир.
Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган, мураббийлар катта ҳаётга йўллашган.
Албатта , ушбу қутлуғ санада ҳар биримиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз, мураббийлик қилган меҳрибон инсонлар сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади.
Бугун биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган ана шундай азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилаклар ярашади.
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак, ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз!
Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат.
Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор бўлган фармонлари, қарор ва фармойишлари қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.
Бу каби ислоҳотларнинг муваффақиятида, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи ҳамда Сиз устозларимизнинг шарафли меҳнатингиз ётади.
Юртимизда эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, туманимизда ҳам маданий-маърифий, таълим, спорт, мактабгача таълим соҳаларида мислсиз ўзгаришларининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Бугунги кунда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилнинг ўзида туманимизда 2 та мактаб янгидан қурилди, 3 та мактаб капитал таъмирланди, 1 та давлат, 118 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширилди.
Туманимизда 102 та умумтаълим мактаблари, 2 та ихтисослаштирилган мактаб интернати, 3 та касб-ҳунар коллежлари, 1 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 та Баркамол авлод болалар ижодиёт маркази, 281 та мактабгача таълим муассасалари, 2 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мавжуд. Уларда бугунги кунда кўплаб фидоий педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бу каби ютуқлар устозларимизнинг сермаҳсул меҳнатлари шарофатидир.
Бугунги байрамда фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатаётган туманимиздаги пешқадам касб соҳибларининг ҳар бирини алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига асосан туманимиздаги 3 - сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Муродова Навбаҳор Неъматовна давлатимизнинг юксак мукофоти, II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди.
Ҳурматли устозлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз ворислари — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ.
Яна бир бор Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
Яккабоғ тумани ҳокими Абдуллаев Лутфиддин Жўраевич.