Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан жорий йилдан бошлаб туман (шаҳар) бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи "Очиқ бюджет" ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилиши қатъий белгилаб қўйилди.
Бунда, жамоатчилик фикри (таклифлар) порталдаги"Менинг йўлим” лойиҳаси асосида "қабул қилиш" ва "овоз бериш" босқичларидан кетма-кетлик билан ўтгач ғолиб таклифлар аниқланади.
“Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқли равишда бир йилда бир маротаба ўтказиладиган лойиҳанинг дастлабкисида қашқадарёликлар ҳам фаол иштирок этди.
Хусусан, "Менинг йўлим” лойиҳаси жорий йилнинг 4 апрелидан 30 апрелигача бўлган муддатда ўз босқичларини якунлади ва ғолиблар аниқланди. Жумладан, жараёнларда вилоятимиздан портал орқали 798 та таклифлар билдирилиб, уларга жами 339482 та овозлар қолдирилган ҳолда якунда ғолиб деб топилган 23 та таклифга 98985 та овозлар берилди.
Ўз навбатида, ташаббусларни молиялаштириш учун 2022 йил бюджет параметри ҳисобидан 25021,7 млн. сўм маблағ юналтирилган бўлса, шундан "Менинг йўлим" лойиҳасига юқоридаги маблағнинг 50 фоизи, яъни 12510,8 млн. сўми ажратилади. Шунингдек, қолган қисми ҳудудий ҳокимликлар томонидан тақсимланувчи маблағ ҳисобланади.
Вилоят Молия бошқармаси маълумотлари асосида тайёрланди.