Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш ва ишсизликка барҳам беришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Бу борада Президентимиз томонидан 2021 йил 20 декабрь куни имзоланган «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-55-сонли қарори мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди дейишга тўла асосларимиз мавжуд.
Чунончи, мазкур Қарорга биноан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтириш мақсадида 2022 йил давомида:
- оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
- боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
- «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, «уста-шогирд» мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилиши белгилаб берилди.
Ушбу кредитлар қарз олувчи истиқомат қилаётган маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида ажратилади.
Шунингдек, мазкур Қарорга мувофиқ «Агробанк» АТБ, АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБларга 2022 йил 1 мартдан эътиборан юқоридаги кредитларни тўлиқ рақамлашган ҳолда, яъни Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали
ажратилишини йўлга қўйиш вазифаси топширилган. Бунда:
- кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа (СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) орқали маълумот бериб борилади;
- кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади;
- кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади;
- Ягона электрон платформа орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади;
- ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш Ягона электрон платформада яратилган «маркетплейс» тизими ёрдамида амалга оширилади;
- ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш бўйича таклифлар асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилотлар томонидан «маркетплейс» тизимида эркин жойлаштирилади;
- таъминотчилар томонидан кўрсатилган хизматлар фойдаланувчилар томонидан баҳоланади ва уларнинг рейтинги автоматик равишда шакллантирилади;
- таъминотчиларнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариши юзасидан мониторинг туман (шаҳар) оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари томонидан амалга оширилади. Мониторинг натижаларига кўра, таъминотчиларнинг «маркетплейс» тизимидаги ўз хизматларини таклиф этиш имконияти даврий равишда ўрганиб чиқилади;
- кредитлар қарз олувчига у томонидан мустақил танланган таъминотчи билан тузилган шартнома асосида келишилган нархда маҳсулот етказиб берилганидан (иш бажарилганидан) ва қарз олувчи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, қарз олувчини идентификациялаш орқали таъминотчига ўтказиб берилади;
- ҳоким ёрдамчилари ўзига бириктирилган маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради ҳамда кредиторларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича сектор раҳбарлари ва тижорат банклари билан биргаликда тегишли чораларини кўради.
Ягона электрон платформа Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу дастурлар доирасида ажратиладиган кредитлар устувор равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга ўзини ўзи даромадли меҳнат билан банд қилиш ёки уларнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминлашга (иш ўринлари яратишга) қаратилган лойиҳаларига йўналтирилади.
Лекин, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга кредит ажратилиши уларни ушбу рўйхатлардан чиқариш учун асос ҳисобланмайди ва фуқаролар мазкур дафтарлардан ҳоким ёрдамчиси, туман давлат солиқ инспекцияси ва тегишли сектор раҳбарлари томонидан фуқаронинг унга ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали бериладиган тавсия асосида чиқарилади.
Агар илгари ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлик тўлиқ сўндирилмаган ёки кредитлардан мақсадсиз фойдаланилган бўлса, қарз олувчиларга ушбу дастурлар орқали янги кредит ажратилишига рухсат этилмайди.
Мухтасар айтганда, мазкур Қарорнинг амалга татбиқ этилиши келгусида оилавий тадбиркорлик ва бошқа тадбиркорлик соҳаларининг янада ривожланиши орқали аҳоли бандлигининг ошишига, даромад манбаининг кенгайишига, пировардида муносиб турмуш шароитларининг яратилишига катта хизмат қилади.
Улуғбек СИДДИҚОВ
Мирзачўл туман Юридик хизмат
кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти