Яккабоғ туман ҳокимлигининг мажлислар залида маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозимига сараланган номзодларнинг фаолиятга самарали киришиш учун талаб этиладиган билим ва кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, келгусида улар фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида икки кунлик ўқув семинари бошланди.
Ўқув семинарнинг очилишида туман ҳокими Лутфидин Абдуллаев иштирок этиб, хотин-қизлар фаоллари олдида турган муҳим вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирди.
Маълумки, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан барча маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий қилиниб, тумандаги 62та маҳалла фуқаролар йиғинларига ушбу лавозимга номзодлар очиқ танлов асосида саралаб олинган эди.
Туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, ҳоким ўринбосари Сайёра Мухаммадиеванинг таъкидлашича, ўқув семинар дастурида оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ёрдамларни жалб қилиш, маҳаллаларда ишсиз аёлларни ўзини ўзи банд қилишни ташкил этиш ва солиқ имтиёзлари ,“Аёллар дафтари” билан ишлаш, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби мавзуларда соҳага алоқадор мутасаддиларнинг маърузалари тингланиши ва муҳокама этилиши режалаштирилган.
Ўқув семинар тингловчилари мавзулар юзасидан маърузалар бўйича ўзаро фикр алмашмоқдалар. Семинар иши давом этмоқда.
Бозор Азизов,”Яккабоғ овози” махсус мухбири