Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 16 март куни “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди.
Мазкур Қонун, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди.
Чунки шу вақтгача бу соҳада қонунчилигимизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди. Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019- йил 5- февралдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Қонунчилик палатаси томонидан ЎРҚ-611 сон қонуни 2019- йил 21- ноябрда қабул қилинган.
Сенат томонидан 2020- йил 28- февралда маъқулланган.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020- йил 11- ноябрда Ўзбекистон Республикасида 2023- йилда Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора – тадбирлари тўғрисида 710- сон қарори имзоланди.
Қонунни ишлаб чиқишда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа статистиклари конференциясининг аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича асосий тамойиллари ва тавсияларидан асос сифатида фойдаланилди.
Аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ва асосий вазифалари: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яхлит ва хар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққослана оладиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғиш аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ҳисобланади.
Қуйидагилар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади: аҳоли таркибидаги глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш чора- тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базасини кенгайтириш; аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурлар тайёрлаш ва индикатив режалаштириш;
Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ва унинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказиш; аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини юритиш, аҳоли сонининг ҳисоби ва прогнозларини амалга ошириш учун статистик базани яратиш;
Яккабоғ тумани статистика бўлими