Ҳар 10 йилда ўтказилиши кўзда тутилган
Мамлакатимизда синов тариқасида жорий йилдан бошланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2023 йилда ўтказиладиган рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Мазкур амалиёт услубий, техник ва ташкилий масалаларни қайта кўриб чиқиш имконини бергани боис, унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) қатнашса, шунча кўп камчиликларни аниқлаш ва тузатишга шароит туғилади ва республика даражасида бўладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.
Мазкур ишларни сифатли ташкил этиш мақсадида жойларда махсус гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, жараёнлар аниқ ва тизимли йўлга қўйилади. Рўйхатга олувчилар ишини мувофиқлаштириш учун ҳар бир инструкторлик участкасида 1 нафар инструктор ва 1 нафар стационар рўйхатга олувчи фаолият юритади.
Уларнинг ишини рўйхатга олиш участкаси ходимлари назорат қилади. Яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар инструкторлик участкасида фаолият юритувчи стационар рўйхатга олувчи ходимларга мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.
Туман ва шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини назорат қилиш учун ҳудудларда аҳолини рўйхатга олиш бўлимлари ташкил этилади. Жараён якунига етказилгандан сўнг ҳудудий статистика бошқармалари қошида Аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш марказлари ташкил этилади.
Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз.
Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белгилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади.
Рўйхатга олиш натижасида шакллантириладиган мамлакатдаги иш берувчилар ҳақидаги маълумотлар хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўл очади.
Бизнес вакиллари рўйхатга олиш маълумотлари орқали меҳнат ҳамда истеъмол бозорининг ҳолатини баҳолаш, талаб ва таклифлар эҳтиёжини аниқлаш имконига эга бўлади.
Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.