Сизларни болаликнинг энг беғубор дамлари, мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга-умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Умид ва ишонч рамзи бўлган етуклик шаходатномалари барчангизга муборак бўлсин!
Бу йил туманимиздаги 102 та умумтаълим мактабларини жами 3069 нафар ўқувчи ёшлар 11-синфни тамомлади. Сизлар ўз билим ва истеъдодингизни Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган тиришқоқ ва интилувчан фарзандлар-бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинаси ҳисобланасиз. Сизлар, келажагимиз ворислари ва бунёдкорлари, мустақил фикрли, ўз муваффақиятлари билан жаҳон билан тиллашадиган, бўйлашадиган, Ватанимиз ва халқимиз корига ярайдиган авлод вакилларисиз. Зеро “Ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш кабидир” Барчангизга билимга чанқоқлик, ташаббускорлик тарк этмаслигини тилайман. Ўтиб бораётган бир йил давомида ҳар бир ўғил-қиз яна бир ёшга улғайди, билими бойиб, маънавияти юксалди.
Мазкур ўқув йили давомида ёшларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, кўплаб ютуқларга эришган ўғил-қизларимиз кўплигидан қувончимиз чексиз. Жумладан, туманда фаолият юритаётган умумий ўрта таълим мактабларида таълим олган 60 нафар ўқувчилар олтин ва кумуш медаллар олдилар. Шундан, 47 нафар ўқувчиларга олтин медал, 13 нафар ўқувчиларга кумуш медал берилди.
Бундан ташқари тумандаги умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчиларидан 13 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бугунги кунда 11-синф ўқувчиларидан олинган дастлабки сўровномалар натижаларига кўра жами 3069 нафар битирувчиларнинг 2998 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб ўқиш истагини билдирди, 24 нафар битирувчи техникум ва коллежларга, 12 нафар битирувчи ҳарбий хизматга, 24 нафар битирувчи касб-ҳунар ўрганишга, 11 нафар битирувчи тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган. Фахр билан айтиш керак, бугун юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Иқтидорли ўқувчиларимиз бунга жавобан халқаро олимпиадалар, турли танловларда Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Билим ва иқтидорларини намоён этиб, кўнгилларга қувонч улашмоқда. Азиз фарзандларим! Кейинги пайтда халқимиз, айниқса, униб-ўсиб келаётган сиз каби ёшларимиз учун Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бормоқда.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 162 та олий ўқув юрти, кўплаб касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар келгусида сизларнинг ўзингиз танлаган соҳалар бўйича етук кадр ва малакали мутахассис бўлишингиз учун хизмат қилади.
Шунингдек, 78 та олий таълим муассасасида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, олий маълумот олиш ҳамда масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Мухтасар айтганда, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан ҳар бири эл-юртимизнинг меҳри ва эътиборида бўлади. Бу борада жойларда туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, маҳалла жамоатчилиги ота-оналар ва устозларингиз билан биргаликда сизларга яқин кўмакчи ва маслаҳатчи бўлади.
Йиллар ўтади, кўп даврлар, сувлар оқиб кетади, ҳаётда ҳар бирингиз албатта ўз муносиб ўрнингизни топасиз. Мана шундай шукуҳли онларда сиз, азиз фарзандларимни мактаб таълимини муваффақиятли тамомлаб, ҳаётингизда дастлабки йирик довондан ошганингиз билан яна бир бор табриклайман. Ҳеч қачон унутманг, келажакда сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, албатта кўзлаган чўққиларга эришасиз.
Сизларни ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишларингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади. Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига муносиб бўлинг.
Мустақил ҳаётга ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин!
Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз битирувчилар!
Интилиб, изланиб яшашдан асло тўхтаманг!
Бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, азиз ўғил-қизларим!